“Ислом давлати” террористик гуруҳи (ИШИД) жангарилари Ироқдаги курд аскарларига қарши кимёвий қуролдан фойдаланган. CBS телеканалининг ммазкур маълумотини Пентагон ҳам тасдиқлади, дея хабар бермоқда ТАСС агентлиги.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг фикрича, ишончли ахборот манбалари ИШИД “кимёвий қуролларни очиқчасига (курдларга қарши) қўллаган”.

Бундан аввалроқ эса Bild Online интернет нашри бундесвер (Германия қуролли кучлари)нинг махфий маълумотларига асосланган ҳолда ИШИД жангарилари Ироқ шимолида пешмер (курд ҳарбийлашган тузилмалари)ларга қарши заҳарловчи модда билан тўлдирилган гранаталардан фойдаланганини хабар берган эди.

Махмур шаҳрини босиб олиш учун бўлган жанглар чоғида, тахминларга кўра, хлор қўлланилган. Bildнинг қайд этишича, худди шу ҳудуддан 60 км шимоли-шарқда жойлашган Эрбил шаҳрида эса 88 нафар олмон ҳарбий мутахассиси курд жангчиларилари малакасини оширмоқда. Бироқ бундесвер германиялик мутахассислар ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқлигини маълум қилган.

Тахминий маълумотларга кўра, кимёвий қуроллардан 60 нафар курд жароҳатланган.