«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан режиссёр Мансур Абдухолиқов томонидан суратга олинган «Қудуқ» бадиий фильми 5-11 сентябрь кунлари XI маротаба ташкил этиладиган Қозон халқаро кинофестивали (Татаристон, Россия) асосий танлов дастурига киритилди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

2015 йилги Қозон халқаро кинофестивали саралаш комиссияси танлов учун юборилган 700 дан ортиқ киноасарлар орасидан 25 мамлакатнинг 50 фильми (10 тадан тўлиқ метражли, қисқа метражли, тўлиқ метражли ҳужжатли, қисқа метражли ҳужжатли ва анимацион фильмлар)ни танлаб олди. Эътиборли томони, тўлиқ метражли бадиий фильмларнинг асосий танлов дастуридан «Қудуқ» фильми ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, Қирғизистоннинг «Қурбонжон Додхоҳ. Тоғ маликаси» (Содиқ Шерниёз), Туркиянинг «Балиқ» (Дарвеш Заим), Россиянинг «Рудольф Нуриев. Рудик» (Фарид Давлетшин), «Москваободдан қочиш» (Дарья Полторацкая), Тожикистоннинг «Муаллим» (Носир Саидов), Ироқнинг «Кулдаги қиёфа» (Шоҳавон Идрис), Эроннинг «Чегарасиз» (А.Асқарий), Ҳиндистоннинг «Номаълум номлар» (д-р Бижу), Бангладешнинг «Чумоли ҳикояси» (М.Фаруки) бадиий фильмлари ҳам асосий танлов дастурига киритилган.

2013 йили суратга олинган «Қудуқ» бадиий фильми воқеалари собиқ Иттифоқ даврида, дашт бағридаги қишлоқда бўлиб ўтади. Бош қаҳрамон Лаллай бир умр қишлоқ аҳлига қудуқ қазиб бериш билан шуғулланади. У қилган меҳнати учун ҳеч кимдан ҳеч нарса таъма қилмайди, ҳаётининг мазмунини одамларга яхшилик қилишда, уларнинг оғирини енгил қилишда деб билади.

Фильм бош қаҳрамони қудуқ қазиш жараёнида турли воқеаларга гувоҳ бўлади, турфа табиатли кишилар билан мулоқот қилади. Ҳаётда кўрган-кечирганларини умумлаштириб, ўзича муайян хулосалар чиқаради. Фильмда актёрлардан Муҳаммадисо Абулҳайиров, Лола Элтоева, Абдухалил Мигноров, Юлдуз Ҳамидова, Фарҳод Худойбердиев, Сайфиддин Мелиев кабилар суратга тушган.

Маълумот учун, «Қудуқ» фильми бунгача 2014 йили Россиянинг Анапа шаҳрида ташкил этилган XXIII «Киношок» кинофестивалининг асосий танлов дастурида қатнашган эди.

Қайд этиш жоиз, 2015 йил 20-24 июнь кунлари Филиппин халқаро кинофестивалида «Жаҳон премьералари» доирасида режиссёр А.Мигнаровнинг «Ота» фильми намойиш этилди. Ҳозиргача бир қатор бадиий, ҳужжатли ва мультпликацион фильмларимиз, жумладан, «Қудуқ» фильми ҳам АҚШ, Германия, Хитой, Россия, Австралия каби 10 дан ортиқ мамлакатлардаги халқаро кинофестивалларнинг ташкилий қўмиталарига саралаш босқичи учун юборилган ва бу борадаги ишлар давом этмоқда.