Айни кунларда “Самарқанд Нур” давлат унитар корхонаси томонидан Самарқанд шаҳридаги марказий кўча ва хиёбонларга ўрнатилган эски ёриткичлар янги LED чироқлари билан алмаштириб чиқилмоқда. Биринчи ана шундай чироқлар Бўстонсарой кўчаси ва “Кўк Сарой” майдонига ўрнатилди.

“Самарқанд Нур” ДУК бош муҳандиси Исроил Яруллаевнинг 12news.uz мухбирига маълум қилишича, Самарқанд кўчалари ёриткичларини алмаштириш бўйича ишлар “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамда Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги муносабати билан амалга оширилмоқда.

“Бугунги кунда 5500 дона энергия тежовчи лампалар шаҳар жамоат жойларига ўрнатиб бўлинди. Масалан, “Йўлбарслар хиёбони”, “Шоирлар боғи”, Университет хиёбони, Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи, Сўғдиёна” ва “Ёшлик” шаҳар хиёбонлари, “Кўк Сарой” майдони, “Амир Темур мақбараси” ва “Руҳобод” тарихий комплексларига ўрнатилди. Уларнинг барчаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, барча талабларга жавоб беради”, дейди бош муҳандис И.Яруллаев.

Унинг сўзларига кўра, ой охирига қадар Ибн Сино, Регистон, Университет хиёбони ва «Самарканд» халқаро аэропортига элтувчи бошқа бир қатор кўчаларга ҳам энергия тежовчи LED ёриткичлар ўрнатилади.

Энергия тежовчи лампаларни ўрнатиш ишларига 40 нафардан зиёд мутахассислар жалб этилган.

Самарқанд шаҳридаги марказий кўча ва хиёбонларни ёритиш ишларидан ташқари, «Самарқанд Нур» корхонаси зиммасига шаҳарнинг ёруғлик иллюминациясини ташкил этиш ишлари ҳам юклатилган. Мазкур иллюминациялар турли байрамлар, шу жумладан, август тадбирларида шаҳар муҳитига ўзгача руҳ бағишлайди. Бугунга қадар турли-туман рангдаги ёруғлик иллюминациялари шаҳарнинг кўплаб марказий кўчаларини безаб турибди.

LED ёриткичларни ўрнатиш ишлари байрамлардан кейин ҳам давом эттирилиб, ишларнинг иккинчи босқичи жорий йил декабрь ойида ниҳоясига етиши белгиланган.