Туркия бош вазири, Адолат ва тараққиёт партияси етакчиси Аҳмад Довудўғли коалицион ҳукумат тузиш ҳақидаги музокараларнинг муваффақиятсиз кечганини тан олди. Бу ҳақда 13 август куни AFP агентлиги хабар қилди.

Душанба куни бош вазир партияси мухолиф Халқ республикачи партияси билан коалицион ҳукумат тузиш борасидаги музокараларни бошлаши ҳақида хабар қилинган эди. Энди музокара томонлари келишувга эриша олмагани маълум бўлди.

7 июнь куни бўлиб ўтган сайловларда Адолат ва тараққиёт партияси ғалаба қозонди, аммо 2002 йилдан буён биринчи марта парламентда мутлақ кўпчиликни ташкил этмади. Шу боис у ҳукуматни ёлғиз шакллантириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.