Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 2 февралдаги 45-сонли буйруғи асосида бутун Ўзбекистон бўйлаб 16-21 февраль кунлари ўтказилган “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ўтказилган ижтимоий акция доирасида шифокор кўригидан ўтмай қолган чироқчилик нуроний қайтадан текширувдан ўтказилди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Д. Миразимов маълумот берди.

Тадбир доирасида республиканинг турли чеккаларига тошкентлик малакали шифокорлар ташриф буюриб, “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури доирасида уруш ва меҳнат фахрийлари ҳамда барча кекса инсонларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, ташхис қўйган ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатган. Жумладан, Қашқадарёнинг Чироқчи туманида 478 нафар фуқаро мана шундай кўрикдан ўтказилган.
Нуроний Элмирза Умаров 19 февраль куни офтальмолог кўригига келиб, навбатнинг кўплиги туфайли кетиб қолган. Сўнг унга хизмат кўрсатилмаганлигидан нолиб “Даракчи” газетасига мурожаат қилган.

Мурожаат ўрганилиб, тегишли ташкилотга етказилиши натижасида 16 июнь куни Умаров Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилди.