АҚШлик молиячи ва сармоячи, миллиардер Жорж Сорос Хитойнинг Alibabа интернет-компаниясининг ўзига тегишли акцияларининг катта қисмини сотиб юборди.

АҚШ Федерал захира тизими берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1-чораги охирида Soros Fund Management жамғармаси Alibabа’нинг 370 млн долларлик акциялари пакетига эга эди. Жамғарма 30 июнга келиб фақатгина 4,9 млн долларлик акцияни ўзида қолдирди, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги.      

Қайд этиш жоизки, Alibaba компаниясининг акциялари ўтган йилга нисбатан 26 фоизга тушиб кетди.

Alibaba Хитойдаги энг йирик электрон тижорат майдонлари, жумладан улар орасидаги энг оммавий бўлган Taobao’га эгалик қилади. Компания бу майдонларда сотувчилар ва харидорларни бир-бирларига рўпара қилиб, уларга турли хизматлар таклиф қилади. Alibaba ҳисобига Хитойдаги электрон савдо айланмасининг 80 фоизи тўғри келади.