Ўзбекистон кўчаларидаги йўловчилар ҳам, ҳайдовчилар ҳам йўл маданиятига, машина бошқариш маданиятига амал қилмаяпти, бу эса йўлларда кўплаб бахтсиз ҳодисаларнинг рўй беришига олиб келмоқда. Буни “Новости Узбекистана” мухбири Эльвина Саркисова ўз материалида таъкидлаб ўтди.

“Афсуски, “машина бошқариш маданияти” тушунчаси мамлакатимизда амалда тасдиғини топмаяпти: ҳайдовчилар ҳам, пиёдалар ҳам йўл ҳаракати қоидаларини осонлик билан, виждонлари ҳеч ҳам қийналмай бузади”, – нолийди журналист.

Унинг таъкидлашича, шаҳар транспорти хизматларидан фойдаланадиган талабалар, ишчилар, нафақахўрлар, ҳомиладор аёллар ўзини хавфсиз сезмайди. “Бизга Диснейленд нима керак? Ўзимизда “Америка тоғлари” бор”, – деб ҳазиллашади автобус йўловчилари.

Автобус ҳайдовчилари манзилга тезроқ ва осонроқ етиб олиб, масъулияти зиммаларидан соқит қилиш йўлида йўловчиларнинг қулайлиги ва хавфсизлиги ҳақида ўйламайди. Автобусларда кетаётган йўловчилар кўпинча ҳайдовчилардан кўнгли тўлмай, улар одамларни “картошка ёки ўтиндай” ташишидан нолийди.

“Автобус ҳайдовчилар бекатларда 20 дақиқалаб туриб, сўнг катта тезликда манзилга ошиқишни одат қилганлар. Натижада йўловчилар жабр чекади”, – дейди мактаб ўқувчиси Булатова Алсу.
Бундан ташқари, айрим автобуслар ўзига хос “пойга” уюштиришади: бир-бирига яқинлашиб қолганида бекатга тезроқ етиб бориб, кўпроқ йўловчи тўплашга ҳаракат қилишади, бунинг натижасида тезлик чекловларини ҳам бузишади, айрим ҳолларда эса светофорнинг қизил чироғига ҳам ўтиб кетишади.

“49-рақамли йўналишли автобусда узоқ вақт эълон осиғлиқ турди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: 10 дақиқа қўрқсангиз, уйга етиб оласиз. Ҳа, бу ҳазил. Одамлар уни ўқийди, жилмайиб қўяди, уйга етиб боргач эса, ёзувни унутади. Аммо кимлардир учун бу охирги ўқилган матн бўлиши мумкин”, – хулоса қилди журналист.