Яқинда Россия президенти Владимир Путин Рус географик жамиятининг экспедицияларидан бирига бориши мумкинлиги ҳақида ахборот берилган эди. Таҳлилчиларнинг фикрича, президент Қрим ярим оролига уюштирилажак экспедицияда иштирок этишни режалаштирмоқда.

Путин илгари ҳам экспедицияларда иштирок этган. Жумладан, 2013 йили у батискафда Болтиқ флотининг “Олег” номли елканли-винтли фрегати ҳалокати ерига шўнғиган эди. Икки йилдан сўнг эса Таман кўрфази тубига шўнғиб, икки қадимий амфорани олиб чиққан эди.

Ўтган йил ноябрида география жамияти съездида мамлакат раҳбари чиқиш қилди. Ўшанда унинг матбуот котиби Дмитрий Песков президент бундан кейин экспедицияларда шахсан иштирок этмаслиги, негаки “дунёдаги вазият илмий тадқиқотларга вақт қолдирмаётгани”ни таъкидлаган эди.

“Ўтган йил давомида сайёрадаги вазият осонлашмади, аммо Владимир Путин эски қизиқишларига қайтмоқда”, – дейди журналист Татьяна Меликян ўз материалида.
Айни пайтда Қрим ярим оролида бир нечта экспедиция ишламоқда. Жумладан, махсус Қрим экспедицияси Ипак йўли маршрутини ўрганиш билан шуғулланиб келмоқда. Шунингдек, ўрта аср шаҳарлари – Феодосия ва Судак ўрганилмоқда.
Рус география жамияти Қрим бўлинмаси раҳбари Борис Вахрушев, агарда президент ярим оролга ташриф буюрса, унга бугунги куннинг асосий муаммоси – Қрим табиат қўриқхоналари ва табиатни муҳофаза қилиш зоналари ҳақида гапириб беришни ваъда қилди. Қўриқхоналар қаровсиз қолаётганидан ташвишланаётган олимлар уларни федерал идораларга бўйсундиришни ўйламоқда. Айрим қаровсиз қолган қўриқхоналар ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилаётгани уларнинг келажагини шубҳа остига қўймоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Путиннинг диққатини Тавр Херсонеси миллий музей-қўриқхонаси ҳам жалб қилиши мумкин. Ўтган йилнинг декабрида Федерал мажлисга мурожаати чоғида президент “Қрим, қадимги Корсунь, Херсонес Россия учун улкан маданий ва муқаддас аҳамиятга эга” эканлигини таъкидлаб, уни Қуддусдаги Ибодатхона тоғига қиёслаган эди.