Одессада Михаил Саакашвили ва Барак Обаманинг антиқа ҳайкали пайдо бўлди. “Одесса - за порто-франко” жамоатчилик ҳаракатининг аъзолари Воронцов колоннадаси ёнида Одесса вилояти губернатори ва АҚШ президентининг ҳақоратомуз ҳайкалини ўрнатдилар.  

Ҳайкал постаментида “Сабакашвили” деб ёзилиб, унга галстугини чайнаб турган Михаил Саакашвилини тизгинлаб олган тиржайиб турган Барак Обаманинг ҳайкали ўрнатилди.

“Саакашвили тентакроқ шахс, бунинг устига америкаликлар томонидан тизгинлаб олинган. Бу ҳайкал ана шуларни ўзида намоён этади. Ишонаманки, биз уни истеъфога чиқариш йўлини топамиз. У ўзининг репрессиялари билан ҳеч нарсага эриша олмайди”, деб айтди ҳаракат етакчиси Алексей Цветков.

Ҳайкални кўриб қолган пенсионер аёл полициячиларни чақиртирди. Полициячилар ҳайкални зудлик билан олиб ташлашди.  

“Одесса - за порто-франко” фаоллари Михаил Саакашвилининг Одесса губернатори лавозимидан кетишини ва вилоят маъмурияти раиси сайлов орқали тайинланишини ёқлаб чиқишади.