21 август куни Тошкентдаги Lotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхонасининг ёзги майдонида “Озод юрт тўлқинлари” VIII анъанавий медиа-фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Даракчи” газетаси хабар бермоқда.

Мазкур тадбир Ўзбекистондаги нодавлат телерадиоэшиттиришларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ривожлантириш, телевизион ва радиодастурларни тайёрлашда журналистлар фаолиятини фаоллаштиришга йўналтирилган.

Фестиваль ғолиблари 3 номинация бўйича онлайн овоз бериш йўли билан аниқланади: “Энг яхши медиа лойиҳа”, “Энг яхши телестанция” ва “Энг яхши радиостанция”. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган энг яхши дастур” махсус номинацияси жорий қилинган.

Тадбир давомида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси аъзолари томонидан грант соҳиблари эълон қилинади.

Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон электрон ОАВ миллий ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилган “Менинг юртим – менинг фахрим!” деб номланган мусиқий телевизион танловнинг иккинчи босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилади.