18 август куни Араб давлатлари лигаси кенгаши Ливияда юзага келган вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказади

ИШИД жангариларининг Ливиянинг Сирт шаҳрида уюштирган қўпорувчилик ҳаракатлари оқибатида 2 кун ичида 169 киши ҳалок бўлди. Бунинг натижасида мамлакат ташқи ишлар вазирлиги Лиганинг фавқулодда йиғилишини тўплашга чақирди. Ушбу талабни қондириш мақсадида ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари 18 август куни тўпланадиган бўлди.

“Музокаралар ўтказилди, уларнинг натижаларига кўра йиғилишни сешанба куни ўтказишга қарор қилинди. Ливия ҳукуматига қурол-яроғ етказиб беришга қўйилган эмбаргони бекор қилиш масаласини муҳокама қилиш, мамлакатга террорчиликка қарши курашда молиявий ёрдам кўрсатиш режалаштирилмоқда”, – деди ташкилотнинг номи келтирилмаган вакили агентлик мухбири билан мулоқот чоғида.