Эквадор президенти Рафаэль Корреа Котопахи вулқонининг юқори даражада фаоллашуви туфайли 15 августда мамлакатда фавқулодда вазият тартибини эълон  қилди.

13 августда вулқоннинг охирги отилиши кузатилган эди.

“Эквадор пойтахти Китодан жанубга томон 70 км узоқликда жойлашган Котопахи вулқонининг иккита отилиши яқин орадаги шаҳарлар аҳолисининг мамлакат марказига эвакуация қилинишига олиб келди”, деб айтди Корреа.

Эквадорда фавқулодда вазиятнинг киритилиши президентга фожиа оқибатларини бартараф этиш учун бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик кучларини жалб қилиш ҳуқуқини беради.