Индонезиянинг Trigana Air Service авиакомпаниясига тегишли ATR йўловчи самолёти Папуа вилоятидаги тоғларда ҳалокатга учради. Авиакомпания ходимининг РИА Новости мухбирига хабар қилишича, самолёт бортида бўлган барча йўловчилар ҳалок бўлган.

Вилоят маркази Жаяпурадан Оксибил шаҳри аэропортига рейсни амалга ошираётган самолёт бортида 49 йўловчи ва 5 кишилик экипаж бўлган.
4 кун муқаддам шу вилоятнинг ўзида содир бўлган авиаҳалокатда 1 киши қурбон бўлиб, 6 киши жароҳат олган эди. ОАВда таъкидланишича, Индонезиянинг шарқидаги вилоятларда авиасоҳа инфраструктураси яхши ривожланмаган, шу боис бундай ҳалокатлар тез-тез содир бўлиб туради.