Хитой ҳукумати Тяньцзинда содир бўлган портлашлар ҳақида мишмишлар тарқатишда айблаб 50та сайтни ёпиб қўйди. Бу ҳақда ХХР кибермуҳит назорати департаментига таянган ҳолда Синьхуа агентлиги хабар бермоқда.
Расмий баёнотга кўра, бу сайтлар текширилмаган ахборотни чоп этиб, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқарган. Сайтлардан 18таси лицензиядан маҳрум қилинди, 32тасининг иши вақтинчалик тўхтатилди.
Шанба куни ҳукумат маҳаллий ижтимоий тармоқлардаги 360та аккаунтни худди шундай айбловлар билан блоклаб қўйган эди. Расмийларнинг тушунтиришича, Sina Weibo микроблоги ва WeChat мессенжерининг айрим фойдаланувчилари турли ёлғон гап-сўзларни тарқатишган, шу боис уларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилган.
Илгарироқ Хитойнинг шимолидаги Тяньцзин порт шаҳрида содир бўлган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 112 кишига етгани хабар қилинган эди. Бундан ташқари, 95 киши дом-дараксиз йўқолган деб ҳисобланмоқда.