1 сентябрда Қирғизистоннинг барча мактабларида тайёрлов синфлари очилади. Бу ҳақда мамлакат парламентидаги СДПК фракцияси етакчиси Чинибой Турсунбеков баёнот берди.
“1 сентябрда Қирғизистоннинг барча мактабларида тайёрлов синфлари очилади. Бундай топшириқ таълим ва фан вазирлигига берилди. Ушбу синфларга 480 соат ажратиб берилади”, – деди у Социал-демократик партиянинг съездида сўзлаган нутқида.
Унинг таъкидлашича, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида болалар мактабда 12 йил ўқийди. Қирғизистон шу стандартга яқинлашиб, 11+1 тизимига ўтмоқда.
“Ўтган йили мактаб битирувчиларининг 25 фоизи синовларда белгиланган ўтиш балларини (110) тўплай олмади ва олийгоҳларга кира олмади. Жорий йилда бундай битирувчилар сони 18 фоизни ташкил қилди. Демак, бир йил ичида таълим сифати 7 фоизга ошди”, – қўшимча қилди Турсунбеков.