Ҳиндистондаги IndiGo авиаташувчи компанияси Airbus компаниясидан 250та Airbus A320neo самолётларини сотиб олишини тасдиқлади. Бу ҳақда Airbus пресс-релизида маълум қилинган.

Маълум қилинишича, бу бўйича келишув 15 август куни имзоланган. Блумберг агентлигида маълум қилинишича, бу келишувнинг умумий қиймати 26,6 млрд долларни ташкил этади.

Бу орқали бир мартада энг кўп миқдордаги самолётларга буюртма берилиши қайд этилди.

Airbus пресс-релизида айтилишича, A320 тоифасидаги самолётларга катта талаб сақланиб турибди. Шу вақтгача бутун дунёдаги 400дан ортиқ буюртмачи томонлардан бундай самолётларнинг 11,8 мингтасига буюртма келиб тушган бўлиб, улардан 6,6 мингдан ортиғи эгаларига етказилган.

Маълумот учун, Airbus Group Airbus, Airbus Defence and Space ва Airbus Helicopters бўлимларини бирлаштирувчи йирик концерн ҳисобланиб, унга 2000 йилда Германиянинг Daimler-Benz Aerospace AG, французларнинг Aerospatiale-Matra ва испанларнинг CASA компаниялари иштирокида асос солинган. Компания 2014 йилнинг январига қадар EADS номи билан аталган. Бош офиси Франциянинг Тулуза шаҳрида жойлашган.

IndiGo эса Ҳиндистондаги энг йирик авиаташувчи бўлиб, мамлакатдаги жами рейсларнинг 38,4 фоизи шу компания ҳиссасига тўғри келади. Компания 2015 йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, 1 ҳафтада 38 йўналиш бўйича 6 мингдан ортиқ учишларни амалга оширади. Айни вақтда IndiGo тасарруфида 97 дона Airbus A320 самолёти мавжуд.