Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис сенати аъзоси Иқбол Мирзо овоз ёзиш студияларини “Ўзбекнаво”га бириктиришни таклиф қилди. Эндиликда улар ҳам ушбу бирлашма лицензиялари асосида ишлаши кераклиги таъкидланди. Бу ҳақда “Даракчи” газетаси хабар қилмоқда.

“Овоз ёзиш студияларини “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига бириктирилса, уларга ҳам лицензия берилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди, деб ўйлайман, – деди шоир. – Чунки хонандалар анчагина пул сарфлаб, қўшиқ ёздиради ва бадиий кенгашга олиб келади. Қўшиқ яроқсиз, савиясиз деб топилса, қўшиқчилар шунча пулга куйиб қолмаслиги учун ҳам шундай қилиш керак, менича. Шундагина қўшиқ “онадан” соғлом бўлаб туғилади”.
Шоирнинг фикрича, бу ижод эркинлигини чегаралаш бўлмайди:
“Аксинча, бошидан тўғри йўл кўрсатиш, чинакам бадиий кенгаш бўлади. Ахир биргина Тошкентда қанча студия бор? Савиясизликни, бугун тингловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолатларни шу йўл билан бартараф қилмасак, бошқа билан бартараф этиб бўлмайди”.

“Илгари хонандалар қўшиқнинг сўзларини бузиб айтишса, ҳайрон қолардик, – қўшимча қилди Иқбол Мирзо, – бугун эса қўшиқнинг сўзларини тўғри айтадиган санъаткорни кўрсак, қойил қоляпмиз”.