RBC Capital Markets: Ливия, Ироқ ва Венесуэла – ОПЕКнинг “бош оғриқлари”

Иқтисодиёт 17 Август 2015 2331

Дунёнинг йирик инвестицион банкларидан бири — Канаданинг RBC Capital Markets банки нефть экспорт қилувчи мамлакатлар уюшмаси — ОПЕКнинг 12 иштирокчиси орасидан “оғриқ шкаласи”ни тузиб чиқди. Бу ҳақда Business Insider нашри хабар берди.

“Оғриқ шкаласи” 1дан 10гача бўлган даражада ҳисоблаб чиқилди. Мазкур баҳолаш чуқур иқтисодий инқироз хавфи ва мамлакатларнинг нефть котировкалари 2015 йилги паст даражада сақланиб қолган тақдирда амалга ошириши мумкин бўлган сиёсатининг келгусидаги оқибатларини ўзида намоён этади.

Канада банки мутахассисларининг баҳолашича, энг хавфли вазият Ливия ва Ироққа хавф солмоқда. Улар “оғриқ шкаласи” бўйича энг юқори – 10 даражага лойиқ деб топилган. Бу ҳол минтақадаги сиёсий вазиятнинг ҳам мураккаблашувига олиб келади.

Кейинги ўринда Венесуэла 9 баллик натижа билан қайд этилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, 2015 йил декабрида мамлакатда вазиятни ўзгартиришга таъсир кўрсата олмайдиган сайловлар бўлиб ўтади. Шу боис ҳам нефть нархи ошмаса, ушбу давлат ҳам катта иқтисодий инқирозга тайёр туришига тўғри келади.

Бу каби мураккаб вазият Нигерияни ҳам четлаб ўтмаган. Мамлакат президенти Моҳаммад Бухорий икки асосий муаммога қарши туриши лозим: “Боко Харам жангарилари ва чуқур илдиз отган порахўрлик.

Жазоирнинг 78 ёшли президенти Абдел Азиз Бутефлик саломатлигининг ёмон экани сиёсий элита, айниқса унга яқин бўлган генераллар ўртасида ички қарама-қаршиликларни келтириб чиқариши мумкин.

“Оғриқ шкаласи”нинг навбатдаги поғонасида 10 даражанинг 7тасини жамладан Жазоир эгаллаган.

2 баллдан тўплаган Кувайт, Қатар ва БАА RBC Capital Markets таҳлилчилари томонидан ОПЕКнинг энг барқарор аъзолари сифатида қайд этилган.

Кўпроқ янгиликлар