Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати қарори билан Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаётган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш ҳамда Суд департаменти, ички ишлар идоралари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-бандига қўшимча киритилди.

Киритилган ўзгартишга кўра, мазкур Низом талаблари эксклав ҳудудларда доимий яшовчи қарздорларга нисбатан улар доимий яшаш жойидан Ўзбекистон Республикасининг асосий ҳудудига ўтишларида ва қайтишларида қўлланилмайди.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси билан келишилган ҳолда қарор қилинди.