Украина президенти Пётр Порошенко, унинг блоки ва бошқа депутатлар ёппасига Telegram мессенжерига ўтиб кетмоқда. AIN.ua нашрининг маълум қилишича, бунга Viber’да кўплаб техник ва дастурий заифликлар ва камчиликлар борлиги ҳақида гап тарқалгани сабаб бўлган.
Viber’ни бузиб кириш осонлиги ҳақида “Пётр Порошенко блоки” фракцияси раиси ўрибосари Мустафо Найим 10 август куни баёнот берган эди. Унинг сўзларига қараганда, август бошида бир неча идоралар ходимлари мессенжердан маълумот олиш имконияти мавжудлиги ҳақида гапира бошлаган.

Найимнинг фикрича, айнан шу мишмишлар Украина сиёсатчиларини бошқа мессенжерга – Telegram’га ўтишга ундамоқда.
Сиёсатшунос Андрей Золотарёв берган маълумотларга кўра, украиналик депутатлар ва вазирлар асосан Viber’даги гуруҳ чатлари орқали мулоқот қилади.

“Мен уларга бошқа сервисга ўтишни тавсия қилган бўлардим. Telegram’ни ҳам беғубор дея олмайман, европаликлар эса WhatsApp’дан фойдаланади”, – таъкидлади эксперт.