АҚШ савдо вазирлиги 2015 йилнинг 30 сентябридан интернет инфраструктураси устидан назоратни жаҳон ҳамжамиятига топшириш фикридан воз кечди. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, вазирлик домен исмлари ва IP-манзиллар бошқаруви корпорацияси – ICANN билан шартномани яна 1 йилга узайтиради.

Бундай қарорга келинишига сабаб сифатида ICANN функцияларини интернет жамоатчилигига топшириш бўйича таклифнинг тўла ишлаб чиқилмагани кўрсатилмоқда.

Илгари вазирлик интернет назоратини жаҳон ҳамжамиятига фақатгина интернет жамоатчилиги, бизнес ва давлатлар манфаатлари эътиборга олинадиган мультистейкхолдеризм (multistakeholderism) модели асосида топширишини маълум қилган эди. АҚШ ҳукумати, ўз навбатида, назоратнинг бирор-бир халқаро ташкилотга топширилиши ғоясини қабул қилмади.