Энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси тасдиқланди

Ўзбекистон 18 Август 2015 1510

Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилинди. Бу ҳақда UzReport маълум қилди.

Республика комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг энергия самарадорлиги ва энергиянинг тикланадиган манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссияларидан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

Республика комиссиясининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

- ялпи ички маҳсулотнинг энергия сарфи ҳажмини қисқартириш;

- иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергияни тежайдиган технологиялар ва тизимларни жорий этиш;

- фақат замонавий энергия жиҳатидан самарали ва энергияни тежайдиган технологиялар базасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва мавжудларини модернизациялашни давом эттириш йўли билан ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг энергия сарфи ҳажмини пасайтириш;

- ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ва энергияни тежаш дастурларини ишлаб чиқиш ва бажариш, корхоналар ва ташкилотларни халқаро амалиётга мувофиқ энергетик текшириш;

- иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергиянинг тикланадиган манбаларини, шу жумладан қуёш энергиясидан фойдаланишнинг синаб кўрилган технологияларини ривожлантириш, жорий этишни жадаллаштириш ва яна бир қатор бошқа чора-тадбирларни ташкил этиш.

Кўпроқ янгиликлар