Ўғри ва талончилар, фирибгарлар бировларнинг уйларига алдов йўли билан кириб олиб, ўз кирдикорларини амалга оширмоқда. Уларнинг найрангларидан бехабар одамлар эса қаллобларга ўз қўллари билан эшикларини очиб бермоқда.

Ҳуқуқ-тартибот ходими Г. Георгиевнинг фикрича, фуқаролар фирибгарларнинг қандай усуллардан фойдаланиб ўз жиноятларини амалга оширишини яхши билиб олишлари уларнинг ўз хавфсизлигини таъминлашига ёрдам беради. Шу мақсадда у “На посту” газетасида эълон қилинган мақоласида мана шундай усуллар ҳақида мисоллар билан ҳикоя қилиб берди.

Айтилишича, ўғрилар кўпгина ҳолларда “маҳалла фаоли”, “маиший хизматлар ходими” ниқоби остида ўзлари мўлжалга олган уйларга кириб олишади. Жумладан, яқинда фуқаро Шоира Маҳкамовна Қўзиева ана шундай ҳолатга дуч келди. Ўзини Ўктам деб таништирган йигит “маҳалла фаолиман” дея унинг хонадонига кирган ва маҳалла томонидан нафақахўр аёлга 5 л ёғ бепул берилаётганини айтган. Гап орасида у аёлдан сув сўраган. Қўзиева ошхонага кириб кетганидан фойдаланиб, уйнинг шкаф ичида сақланаётган моддий қимматликларини ўмариб кетган.

Бундан ташқари, ўзини башоратчи ва фолбин деб кўрсатадиган аёллар ёлғиз қолган уй бекаларани авраб, уларнинг тилла буюмларини олиб қўймоқда. Фуқаро Виолетта Бабаянц эрини кутиб ўтирганида унинг хонадонига ана шундай “фолбин” ташриф буюриб, “бахтидан очиш”ни таклиф қилди. У аёлни ёлғон-яшиқ “башорат”лар билан алдаб, уйдаги барча тилла буюмлар ва 8 минг доллар пулни олиб кетди.

1930 йили туғилган нафақахўр Михаил Сергеевич Рижовнинг қисмати эса янада фожиалироқ бўлди. Нуроний узоқ йиллардан буён атеросклероз билан курашиб келаётган эди. Бир куни ўзини Раъно Ғафуровна деб таништирган аёл унинг хонадонига “маҳалла шифокори” сифатида ташриф буюриб, эркакнинг соғлиғини текширгандай бўлди. Сўнг унинги томирига уйқу дори юбориб, ухлатиб қўйди ва уйдан топган барча қимматликларни ўғирлаб кетди. Аммо Рижов томирига меъёридан ортиқ миқдорда клофелин юборилгани боис оламдан ўтди.