Аргентина терма жамоаси собиқ футболчиси ва мураббийи Диего Марадона тунислик ҳакам Али Бин Носирдан узр сўради. Бу ҳақда El Mundo Deportivo нашри хабар тарқатди.

1986 йилги жаҳон чемпионати вақтида айнан шу ҳакам Марадонанинг чорак финал доирасидаги Англияга қарши учрашувда қўли билан дарвозага урган голини ҳисобга олган ва қўпол хатога йўл қўйганди.

«Жаноб, Бин Носир узримни қабул қилинг. Мен у голни «Тангрининг қўли» билан киритгандим», деди Марадона Бин Носир билан учрашув чоғида.

Ўша учрашувда Марадона иккита тўп киритган ва Аргентина 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинчалик финалда ГФР термасидан устун келган ҳамда жаҳон чемпионлигини қўлга киритганди. Учрашувдан кейин мазкур баҳсли голга изоҳ берган Марадона голни «худонинг қўли» билан урганини таъкидлаб ўтганди.