Москвада полиция ходимлари Россияга олиб кириш тақиқланган пишлоқ контрабандаси билан шуғулланган уюшган гуруҳ аъзоларини қўлга олди. Бу ҳақда Россия ИИВ хабарида айтиб ўтилди.

Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятни ташкил этишда гумон қилиниб олиб борилган тергов ҳаракатлари чоғида уюшган жиноий гуруҳнинг 29дан 58 ёшгача бўлган икки ташкилотчиси ҳамда 4 нафар фаол аъзоси қўлга олинган.

Полиция ходимлари тақдим этган маълумотга кўра, гумондор шахслар Россия ҳудудига умумий қиймати 2 млрд рублни ташкил этувчи пишлоқ маҳсулотларини олиб кириб, тарқатган.

“Қонунбузарларга тегишли бўлган 17та турар жой, омборхона ва идора биноларида тинтув олиб борилди. Натижада 470 тонна ширдонли маҳсулотлар, сохта ёрлиқларни тайёрловчи қурилмалар, шунингдек, ноқонуний фаолият олиб борилганини тасдиқловчи ҳужжатлар олиб қўйилди”,дея аниқлик киритган ИИВ.

Сохта ҳужжатларга эга маҳсулотлар Москва, Санкт-Петербург ва бошқа бир қатор вилоятлар супермаркетларига тарқатилган.

Содир этилган иш бўйича жиноий иш қўзғатилди.