Москвада қора қоғозни 100 доллар қоғоз пулга айлантира оладиган “сеҳрли” суюқликни сотган икки нафар африкалик эркак қўлга олинди, деб хабар бермоқда Москва полициясига иқтибос келтирган ҳолда Интерфакс ахборот агентлиги.

“Бироз аввал Москванинг Жануби-шарқий округи ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув бўлимига Москва ва Москва вилояти ҳудудида фуқароларга қоғоз пуллар ишлаб чиқариш билан шуғулланишни таклиф қилган уюшган гуруҳ фаолият юритаётгани ҳақида ахборот келиб тушган”, деб айтди ички ишлар бошқармаси матбуот котиби.

Полиция ходимларининг айтишича, гумонланувчилар хоҳловчиларга махсус суюқлик билан ишлангандан кейин 100 АҚШ доллари қоғоз пулига айланадиган қора қоғоз таклиф қилишган.

Гумонланувчилар фириб пайтида бутун бошли “спектакль” ўйнашган: улар жабрланганлар олдида битта қора қоғозни махсус кимёвий таркиб билан ишлашган ва бунгача ҳақиқийсига алмаштириб қўйилган 100 долларлик қоғоз пулга айланган банкнотанинг ҳақиқийлигини текшириб кўришни таклиф қилишган. Гуруҳ аъзолари фирибгарликни амалга ошириш вақтида бармоқ излари қоғоз пулларга тушмаслиги учун гўёки кимёвий таркиб буғлари ҳаёт учун хавфли эканини баҳона қилиб, қўлларга қўлқоп ва юзларига тиббий ниқоблар тақиб олишган.

Ҳосил бўлган пуллар айрибошлаш шахобчалари томонидан муаммосиз қабул қилингандан кейин фирибгарлар шу йўл билан қора қоғозларни 20 млн долларга айлантиришни таклиф қилишган. Ҳаттоки жиноятчилар бир жабрланувчидан ушбу ”сеҳрли таркиб” учун 5 млн рубль сўрашган.

Пуллар берилаётган пайтда фирибгарлар қўлга олинди.

Улар 38 ва 43 ёшли келиб чиқиши марказий африкалик бўлган шахслар бўлиб чиққан. Полиция тинтув пайтида уларнинг ёнидан ўлчами қоғоз пуллар билан бир хил бўлган 57 та қора қоғоз пачкасини аниқлашган. Аслида пачкаларда қора рангга бўялган оддий қоғозлар бўлган. Ўта катта миқдорда амалга оширилган фирибгарлик ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди.