2015 йилнинг ноябрь ойида японияликлар учун биринчи таништирув саёҳатлари бошланиб, уларнинг биринчи гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюради. 2016 йилнинг март-апрель ойларида эса Япониянинг турли шаҳарларидан мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш истагидаги кунчиқар юрт фуқаролари учун тўғридан-тўғри парвозларни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Япония сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (JATA) раҳбари ўринбосари Ж.Кукума “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси раҳбарияти билан учрашувда маълум қилган.

“Учрашув қатнашчилари, шунингдек, йўловчиларни Марказий Осиё давлатларига доимий тўғридан-тўғри парвозларни амалга ошириб келаётган МАКнинг транзит парвозларига жалб этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди”, дейилади Ўзбекистон миллий авиакомпанияси пресс-релизида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий авиаташувчиси Япония пойтахти Токио шаҳрига тўғридан-тўғри парвозни амалга оширувчи Марказий Осиёдаги ягона авиакомпания ҳисобланади.