Ноқонуний муҳожирлар Франциядан Буюк Британияга Ла-Манш туннели орқали ўтиб-қайтиш имкониятига эга бўлиш учун 10 минг евродан тўлашган. Бу ҳақда Франциянинг Europe 1 радиостанцияси журналистлари олиб борган кузатувлардан маълум бўлди.

ОАВ вакиллари Кале портидаги француз чегара полицияси билан ҳамкорликда контрабандистлар гуруҳи фаолиятини кузатишди.

Кузатувлар натижасига кўра, 4 нафар албан ва 2 француздан иборат гуруҳ 2015 йил аввалидан буён туннел орқали Британияга 200 нафарга яқин албан муҳожирларини юк автомобилларига яшириб ўтказиб юборгани ойдинлашди.

Ҳар бир муҳожир бунинг учун энг камида 10 минг евро тўлашига тўғри келган. Одатда бу пулнинг минг евроси муҳожирни ташишга рози бўлган юк автомобили ҳайдовчисининг қўлига теккан. Ҳайдовчилар юк орасида олиб кетиш шарти билан бундан камроқ пулга ҳам муҳожирларни ташишга рози бўлган.

Журналистларнинг маълум қилишича, “ноқонуний тадбиркорлик”нинг бу турида йиллик пул айланмаси 1,5 млн еврони ташкил этган.

Франция полицияси мазкур иш юзасидан 6 кишини қамоққа олган. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг қайд этишича, уларнинг қўлида ишончли ашёвий далиллар, шу жумладан, ёзиб олинган телефон сўзлашувлари ҳам бор.

Таъкидланишича, албан гуруҳи туннел орқали ноқонуний муҳожирлар алмашинуви билан шуғулланадиган ягона жиноий уюшма эмас. Улар билан бир қаторда афғон ва курд гуруҳлари ҳам мазкур фаолият билан шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, Британия қироллиги Франциянинг Кале шаҳрига элтувчи Евротуннел ҳимоясини кучайтириш мақсадида 7 млн фунт стерлинг сарфлаганидан сўнг у орқали ноқонуний равишда ўтувчи муҳожирлар оқими кескин камайган.