Қаршилик Аббос Ғуломов Россияда одам савдоси билан шуғуллангани туфайли 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.

Айтилишича, у Қарши туманида яшовчи Шаҳзод ва Сардор Мамадиёровга кунига минг рублдан маош ваъда қилиб, Москвадаги қурилишлардан бирига олиб борган. Уларнинг кетидан иш қидириб танишлари Акмал Тўраев, Маъруф Норқулов, Аброр Бегимов, Самад Ботиров ва Илҳом Жўраев ҳам келган.

Ғуломов уларнинг паспортларини олиб қўйиб, икки ой мобайнида ишлатган. Уларнинг маошларини эса ўзига олиб қолган. Шу тариқа у Шаҳзод Мамадиёровнинг 4 млн, С. Мамадиёровнинг 4.8 млн, Акмал Тўраевнинг 1.64 млн, Маъруф Норқуловнинг 1.4 млн, Аброр Бегимовнинг 3.69 млн, Самад Ботировнинг 1.44 млн сўмлик маошларини ўзлаштирган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди Аббос Ғуломовга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бироқ унинг жазо муддати амнистия туфайли учдан бирга қисқартирилди.

Бундан ташқари, Ғуломов етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплайдиган бўлди.