Руминиянинг собиқ президенти Траян Бэсеску Молдова билан бирлашиш ҳақида референдум ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда Euractiv ресурси хабар берди.
“Парламент ва ҳукуматга таклиф киритиб, икки мамлакатда референдум ўтказиш пайти келди. Менимча, Руминиянинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ҳақида очиқ гапириш керак. Бу Молдова учун ҳам РФ ва Украина таъсиридан қутулиш имконияти бўлади”, – деди Бэсеску.
Унинг фикрича, Руминия, ЕИ ва НАТОга аъзо бўлгач, “тарих хатолари”ни тўғирлаши керак.
“Асосий мақсад Еврозонага кириш эмас, Молдова билан бирлашиш бўлиши керак”, – таъкидлади у.
“Молдованинг Европа Иттифоқига кириш имконияти Руминия билан бирлашишига боғлиқдир. Молдова шу йўл билан Украина дуч келган ўтиш даври қийинчиликларидан қутулади. Мен бу ҳақда Воронинга ҳам, Гимпга ҳам, Тимофтига ҳам айтганман”, – хулоса қилди сиёсатчи.
2005 йилда Руминия билан бирлашиш ғоясини молдоваликларнинг 2 фоизи қўллаб-қувватлаган бўлса, 2012 йилда ушбу ғоя тарафдорлари сони 38 фоизни ташкил қилди.