17 август куни "Камп Ноу" ўйингоҳида бўлиб ўтган "Барселона" ва "Атлетик" жамоалари ўртасида Испания Суперкубогининг иккинчи учрашувини ўзбекистонлик футболчи Сардор Рашидов трибунадан туриб томоша қилди.

Австрия йиғини якунлангач, қисқа муддатли таътилга чиққан “Ал Жайиш” аъзоси sports.uz нашрига ўйин борасидаги таассуротларини билдирган.

"Ўйин жуда ҳам ажойиб тарзда ўтди. “Барселона”нинг ўйинини яқиндан кўриш мақсадида бу ерга келган эдим. Ростини айтсам, ўйинни оддий мухлис сифатида кузатиб роҳатландим. Стадиондаги атмосферани оддий сўзлар билан таърифлаб бериш қийин. Мухлислар чиндан ўз севимли клубларини қўлларидан келганча қўллаб-қувватлаб туришди. Менга айниқса, Мессининг ўйини жуда ёқди. У чиндан юксак иқтидор эгаси. “Барселона”га эса негадир бу соврин керак эмасдек туюлди. Балки шу боисдан каталонияликлар ғалаба учун ортиқча жон куйдирмай ўйнади. Умуман олганда, ўйиндан таасуротларим жуда ажойиб. Мухлислик маданиятига қойил қолдим", - дейди Рашидов.