Тошкентда машина сотиб олиш учун “шапка” талаб қилган хусусий корхона мутасаддиси 10 йилга қамалди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

2014 йилнинг декабрида “Салом транс” ва “Алижон транс сервис” ОАЖлар ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, “Алижон транс сервис” ОАЖ “Салом транс”дан 55 дона Nexia автомашинасини сотиб олиши керак эди. Келишув бўйича дастлаб 28 дона автомобиль эгаларига етказилди. Қолган 27 донаси эса 2015 йилнинг март ойида етказилиши кутилаётган эди.

Орада “Алижон транс сервис” директорининг ўринбосари Гулида Холиқова “Салом транс”нинг раҳбари Шокир Шоазизовдан ҳар бир сотилган машина учун минг доллардан, яъни 55 минг доллар пул беришни талаб қилди. Аммо Шоазизов Бектемир туман СВОЖЖДЛҚК департаментига мурожаат қилди.

Жиноят ишлари бўйича туман суди Г. Холиқовани 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.