Sollers гуруҳи ва Toyota компанияси Россияда Land Cruiser Prado автомобилини ишлаб чиқариш бўйича шартномани бекор қилди. Автомобиль Россиянинг “Соллерс-Дальний Восток” компаниясининг Узоқ Шарқдаги ишлаб чиқариш майдончаларида бошқа ишлаб чиқарилмайди, деб хабар бермоқда Sollers вакилига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, Land Cruiser Prado’нинг Владивостокда ишлаб чиқарилиши жорий йилнинг июль ойида тўхтатилган. Энди машина фақатгина экспорт қилинади. Sollers’да айтилишича, автомобилни яна ишлаб чиқариш учун янги шартнома керак бўлади. Компания вакили йўлтанламас ишлаб чиқарилган корхонада бошқа автомобиллар, мисол учун Mazda’нинг йиғилиши давом этаверишини қўшимча қилди.

Toyota 17 августда Россияда Япониянинг Toyota Tahara заводида ишлаб чиқарилувчи Land Cruiser Prado’нинг янгиланган версияси чиқишини маълум қилди.

Европа бизнес уюшмаси маълумотларига кўра, Toyota 2015 йилнинг 7 ойи ичида Россияда сотиладиган автомобиллари сонини 37 фоизга, яъни 56,7 минг машинагача камайтирган.

Sollers гуруҳи “УАЗ”, SsangYong ва Isuzu автомобилларини ишлаб чиқаради. Шунингдек, қўшма корхонада Ford (Всеволожск, Набережние Челни ва Елабугда) ва Mazda (Владивостокда) машиналари йиғилади. Гуруҳ таркибига Ульянов автомобиль заводи, Заволжье мотор заводи ва “Соллерс-Дальний Восток” компанияси киради.