Дортмунднинг "Боруссия" жамоасининг арманистонлик яримҳимоячиси Генрих Мхитарян Туриннинг "Ювентус" жамоасига ўтиши мумкин.

Sky Italy нашрида ёзилишича, туринликлар бош мураббийи Массимилиано Аллегри раҳбариятдан ушбу футболчини олиб беришини сўраган. "Ювентус" айни вақтда Арманистон терма жамоаси етакчисини трансфер қилиш учун 20 млн евролик таклиф тайёрламоқда.

26 ёшли футболчининг агенти Мино Райола 19 август куни "Ювентус" вакиллари билан учрашиши айтилган.

Маълумот учун, Мхитарян ўтган мавсумда "Боруссия" сафида 28та ўйин ўтказиб, 3та гол урган ва 5та голли пас муаллифига айланган. У янги мавсумнинг илк турида эса "Боруссия М" дарвозасига 2та гол уришга улгурди.