BeIN Sports журналисти Танкреди Палмери дарвозабон Давид Де Хеанинг “Манчестер Юнайтед”дан «Реал»га ўтиши шартлари ҳақида маълумот берди.

Палмерининг маълумотларига кўра, “Реал” испан дарвозабони учун “МЮ”га 35 млн евро таклиф қилмоқда. Агар Де Хеа “Реал”га ўтса йилига 10 млн евро маош олади. Унинг маоши дунёдаги барча дарвозабонларнинг маошлари ичида энг каттаси бўлади.

Аввалроқ “МЮ” дарвозабонни захира жамоага юборгани маълум қилинганди, бироқ Де Хеа 16 августдан асосий таркиб билан машғулот қилишга қайтди.      

El Confidencial нашри маълумотларига кўра, Де Хеа “Реал”га ўтиши барбод бўлса футбол агенти Жорже Мендеш хизматларидан воз кечади ва 5 млн евро миқдорида тавон пули олади.