Россия Премьер-лигасининг 5-турида Москванинг “Спартак” клубининг уй майдонида ЦСКАга қарши учрашувда клубнинг тиббий хизматига ёрдам берган стюардлар бошқа клуб билан ишламасликлари айтилди. Бу ҳақда “Спартак”нинг тиббиёт департаменти раҳбари Михаил Вартапетов маълум қилди. Бундай қарорга келинишига ЦСКА клубининг ҳужумчиси Аҳмед Мусанинг “Спартак”га киритган голига стюардларнинг хурсанд бўлганлари сабаб бўлди. Учрашув 1:2 ҳисобида “армиячилар” фойдасига якунланди.     

“ЦСКАнинг голига хурсанд бўлган ходимлар клубга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу стадион томонидан йиғилган кўнгилли стаюрдлардир. Мен уларнинг Мусанинг голига хурсандчиликларини кўриб ҳайратландим, ваҳоланки ўйин олдидан улар ҳеч қандай ҳис-туйғуларни намоён қилмаслик бўйича йўриқ оладилар. Бу одамлар бошқа тиббий хизмат ёрдамчилари сифатида ишламайди”, деб айтди Вартапетов.