2012 йилда 16 нафар тинч афғонни ўлдирган Америка армияси сержанти Роберт Бейлз фожеага қадар ҳам ўзининг номақбул хатти-ҳаракатлари билан ажралиб турган. Бу ҳақда АҚШ қуролли кучларининг марказий қўмондонлигининг 500 саҳифали ҳисоботида маълум қилинган.
Ҳарбий терговлар жараёнида қўмондонлик Бейлз фожеага қадар ҳам “ўзини асосланмаган зулмкорликка мойил эканини кўрсатган”, деган хулосага келди. Ушбу маълумотни тасдиқлаш учун ҳисоботда сержант иштирокида Афғонистондаги ҳарбий хизмати давомида бўлиб ўтган бир қатор воқеалар келтирилган. Мудҳиш қотилликдан бир ой муқаддам ўз хизматдошлари кўз ўнгида маҳаллий аҳоли вакилини калтаклаган. Унинг бўлинмасидаги яна бир офицер ҳам Бейлз стероид (кучли биологик фаолликка эга моддалар) қабул қилган вақтида ўзини ноадекват тутганини тасдиқлаган. Барча ҳодисалар ҳақида ҳарбий база қўмондонлигига маълум қилинмаган.
Ҳисоботда, шунингдек, база кичик қўмондонлик таркиби “алькогол ва стероидлар қабул қилгани, айримлари эса афғонларга нисбатан ирқий камситиш ифодаланган сўзларни қўллагани” таъкидлаб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йил март ойида Афғонистоннинг Қандаҳор проинциясида АҚШ армияси сержанти Роберт Бейлз 16 нафар тинч афғон, жумладан, 9 болани отиб ташлаган. Тергов хулосасига кўра, 2012 йилнинг 11 март куни Бейлз автомат ва тўппонча билан қуролланган ҳолда ҳарбий базани тарк этиб, яқин атрофда жойлашган қишлоқдаги уч хонадонга кириб, оила аъзоларини отиб ташлаган.
2013 йилда Бейлз айбини ювиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.