Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона хизмати органларининг шахсий таркиби ўртасида шахмат бўйича навбатдаги мусобақа ташкил қилинди. Ўзбекистон Шахмат федерацияси билан ҳамкорликда учинчи бор ташкил қилинган мазкур турнир Тошкентдаги Миллий кинология марказида бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган мусобақада Давлат божхона қўмитасининг Марказий аппарати, Қораақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Олий ҳарбий божхона институти ва Миллий кинология марказининг40 гаяқин шахмат ҳаваскорларини ўзида жамлаган 18 та жамоа 9 та турда ўзаро беллашди.

Таъкидлаш жоизки, Халқаро шахмат федерацияси – ФИДЕ қоидаларига мувофиқ, швейцарча тизим асосида ўтказилган анъанавий шахмат турнири қизғин ва муросасиз кечди. Ўтган йилги турнирда кучли учликдан Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати ҳамда Қашқадарё ва Андижон вилояти божхона бошқармалари жамоалари жой олишган эди. Бу гал эса 1 ўринни Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати ўзида сақлаб қолди. Кейинги ўринларни эса Сурхондарё ва Наманган вилояти божхона  бошқармалари жамоалари мос равишда қўлга киритишди.

Шахсий кўрсаткичлари бўйича ўтган йили ҳам ғолибликни қўлга киритган Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати жамоаси аъзоси М.Мирбобоев 8.5 очко билан чемпионлик мақомини ўзида сақлаб қолди. Мусобақа дебютанти сурхондарёлик А.Маткулиев эса 2 ўринга сазовор бўлди. У билан тенг яъни 7 очко жамғарган  Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати жамоаси аъзоси З.Холмонов эса 3-ўринга муносиб кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур турнир натижаларига кўра энг яхши натижаларни қайд этган ишгтирокчилар орасидан Давлат божхона қўмитасининг терма жамоаси шакллантирилади. Мазкур жамоа эса “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамиятнинг XXIV Спартакиадаси тақвимига мувофиқ жорий йилнинг 8-9 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган шахмат мусобақасида қўмита шарафини ҳимоя қилишади. Дарвоқе, ўтган йили Давлат божхона қўмитаси мазкур мусобақада фахрли 2 ўринни қўлга киритган эди.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида мусобақа совриндорларига медаллар, фахрий ёрликлар ҳамда эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.