Эрдўған: Коалиция ҳукумати тузиш бўйича муаммони фақат янги сайловлар орқали ҳал этиш керак

Жаҳон 19 Август 2015 3070

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 18 август куни бош вазир Аҳмад Довудўғлунинг каолиция ҳукуматини шакллантириш борасида ўзига юклатилган ваколатлардан соқит қилиш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантиргани хабар қилинган эди.

Коалицион ҳукумат шакллантириш бўйича музокаралар муваффақиятсизликка учраганидан кейин Туркияда навбатдан ташқари сайлов ўтказилиши эҳтимоли ортди. Бу ҳақда президент Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам ўз чиқиши вақтида айтиб ўтган.

"Мен мавжуд конституция доирасида давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этдим. Ҳозирда Туркия Вазирлар Маҳкамасининг чақирилишини билан боғлиқ муаммо бор. Мен бош вазирга бу масала билан шуғулланиши учун ваколат бердим. Унинг уриниши муваффақиятсиз якунланди. Энди мамлакатда имкон қадар тезроқ навбатдан ташқари сайловларни ташкил этиш зарурати пайдо бўлди. Биз халқнинг иродасига таянамиз", дейди Эрдўған.

Эрдўған мухолифатдаги партияни танқид қилиб ўтган. Унинг айтишича, бош вазир мухолифларнинг етакчилари билан учрашган лекин натижа бўлмаган.

"Натижалар бўлмади. Энди янги халққа хизмат қиладиган янги лойиҳа ишлаб чиқиш керак. Сиёсатчилар бу билан шуғулланиб, чоралар топишади", дейди президент.
Туркияда муддатдан илгари парламент сайловлари ўтказилишига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Навбатдан ташқари сайловлар 22 ноябрда бўлиб ўтиши мумкин.

17 август куни Аҳмад Довудўғлу Миллий ҳаракат партияси раҳбари Девлет Бахчели билан каолиция ҳукуматини шакллантириш масаласини муҳокама қилган эди. Аммо бу учрашув самарасиз якунланди. Учрашувдан сўнг баёнот берган бош вазир “эндиликда каолиция ҳукуматини тузиш йўллари кўринмаётган”лигини айтган. Ундан аввал Халқ республикачилар партияси раҳбари Кемал Киличдарўғлу билан бўлиб ўтган музокоралар натижа бермади. Довудўғлу шундан хулоса чиқарган ҳолда ҳукуматни шакллантириш борасида ўзига юклатилган ваколатлардан воз кечишга қарор қилди. Туркия Конституциясига биноан ҳукуматни шакллантириш муддати 23 август куни якунланади. Шундан сўнг кун тартибига муддатдан илгари парламент сайловларини ўтказиш масаласи қўйилади. Ўз навбатида миллатчилар раҳбари Девлет Бахчели муддатдан аввал сайловлар ўтказилишига қарши чиқмоқда. Унинг фикрича, муддатдан илгари ўтказиладиган сайловлар муаммонинг ечими эмас. У тўрт йиллик коалиция тузилишини айтиб келади. Бироқ президент ўз ваколатларидан фойдаланиб парламентни тарқатиб, муддатдан илгари сайловлар ўтказишга мажбур бўлади. Унгача Муваққат ҳукумат фаолият юритади.

Шу йилнинг июнида бўлиб ўтган парламент сайловларида ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси 2002 йилдан бери илк бор мағлубиятга учради ва шу тариқа якка ўзи ҳукумат шакллантириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. “Тақдирни ҳал қилувчи сайлов” сифатида таърифланган парламент сайлови Туркиянинг президент бошқарувидаги мамлакатга айланиш-айланмаслигида ҳал қилувчи рол ўйнаши керак эди. Аммо ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси якка ўзи ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Партия энг кўп овозни олди, лекин қонунчилик органида асосий куч бўлиш учун бунинг ўзи етарли бўлмади.

"Адолат ва тараққиёт" партияси 14 йилдан бери ҳокимиятда бўлиб турибди. Бу партия 256 депутатлик ўрнига эга бўлди. Ҳукуматни шаклантириш учун 276 ўрин керак бўларди. Агар партия парламентда 330 ўринни эгаллаганида, конституцияни ўзгартириш учун референдум эълон қилишга ҳақли бўлар эди. 367 ўрин олганида, тузатишлар референдумсиз қабул қилиниши мумкин эди. Шу сабабли ҳам президент Ражаб Тойиб Эрдўғонинг Конституцияни ислоҳ қилиб, президентлик ваколатларини кенгайтириш режаси савол остида қолди. Адолат ва Тараққиётчиларнинг қўлга киритган муваффақияти мағлубиятга тенг ғалаба сифатида баҳоланди. 2014 йилнинг августида Ражаб Тойиб Эрдўғон мамлакат тарихида биринчи марта ўтказилган бевосита сайловларда президентликка сайланганди. Туркияда мамлакат президенти унча катта ваколатларга эга эмас. Турк мухолифати Эрдўғонни конституцияни ўзгартириб, кўпроқ ваколатга эга бўлишга, ҳокимият тизгинини тамоман қўлга олишга уринаётганини айтиб келади.

9 июлда президент топшириғига кўра, Аҳмад Довудўғлу бошчилигидаги партия бошқа партиялар билан каолиция ҳукумати тузишга киришди, аммо бу каби саъй-ҳаракатлар барбод бўлди. Аҳмад Довудўғлу янги сайловларга қадар қисқа муддатга ўз партияси нуфузини сақлаб қолишга умид қилган эди. Аммо бу умидлар пучга чиқди. Чунки ҳамкор бўлишга ваъда берган партиялар унинг олдига кескин талабларни қўйди.

Таҳлилчилар ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси учун каолиция ҳукумати тузгандан кўра, муддатдан илгари сайловлар ўтказиш мақсадга мувоффиқ эканлигини айтишмоқда. Лекин бошқа кузатувчилар сайловлар натижалари июндаги ҳолатдан деярли ўзгармаслигини ҳам таъкидлашмоқда. Чунки орадан ўтган давр мобайнида сайловчилар ҳам, мамлакатдаги иқтисодий вазият ҳам ўзгармаган.

Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 83275 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 42885 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 49303 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 8382 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 19364 Ўзбекистон
Италиянинг давлат қарзи рекорд қийматга етди
Олий лига. «Пахтакор» Самарқандда очко йўқотди
21:12 980 Спорт
Ўзбекистон ва Қирғизистон томони туризм соҳасида алоқаларни чуқурлаштиришга келишиб олишди
Канада авиакомпанияси самолётининг 200 дан кўпроқ йўловчиси багажсиз қолди
21:00 892 Жаҳон
Ўзбекистон ТИВ раҳбари португалиялик ҳамкасбига мактуб йўллади
Кўпроқ янгиликлар