Бангкокдаги Суваннапхум халқаро аэропортида Франция фуқароси Таиланд пойтахти марказида содир этилган портлашга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Thai PBS давлат телаканалининг интернет саҳифасида хабар қилинди.

Бундан аввалроқ эса Таиланд полицияси ҳодисани содир этган гумондор шахснинг суратини оммага эълон қилган эди.

Тахминий маълумотларга кўра, шубҳа остидаги шахс чет эл фуқароси ёки тай миллатига мансуб бўлиши мумкин. Гумондор терисининг ранги очиқ, сочлари қора. Портлашдан аввалроқ у кўзойнакда бўлган.

“Ўз рейсига кечикиб келган Франция фуқаросининг қўлида унча катта бўлмаган жароҳат бор ва унинг юз тузилиши 17 август куни содир этилган портлашга алоқадор бўлган гумондор фотороботига ўхшаш”, — дейилади хабарда.

Айни пайтда гумондор шахс сўроқ қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, портлаш 17 август куни Бангкокнинг савдо-сотиқ ва сайёҳлик марказидаги Ратчапрасонг чорраҳасида маҳаллий вақт билан 18:56да содир бўлган эди. Қўлбола радиобошқарувли портловчи модда Хитой, Сингапур ва тайванлик сайёҳлар гавжум бўлган тўрт бошли фил кўринишидаги Эраван илоҳи яқинида ҳаракатга келтирилган.