Москвада “ўпкасини босолмайдиган” ҳайдовчиларга қарши кураш маркази ишга тушади

Жаҳон 19 Август 2015 1668

Москва полициясида йўллардаги “ўпкасини босолмайдиган” ҳайдовчиларга қарши кураш олиб борадиган махсус рота пайдо бўлади, дея хабар бермоқда “Российская Газета” нашри. Бу ҳақда ИИВнинг пойтахт бошқармаси раҳбари, полиция генерал-лейтенанти Анатолий Якунин маълум қилган.

«Махсус қисм транспорт воситалари ойнасини қорайтириб оладиган, белгиланган тезликни оширадиган, сохта рақамли автомобилда ҳаракатланадиган ҳайдовчиларга қарши кураш олиб боради”, – дейди Якунин.

Унинг қайд этишича, полиция махсус ротаси тезюрар автомобиль ва мотоциклларда ҳаракатланади. Бундан ташқари, махсус қисмларнинг ҳар бир экипажи икки нафардан “ОМОН” аскарлари билан кучайтирилади.

Рота шаҳарнинг турли туманларида “эркин тартиб” асосида фаолият кўрсатади. Уларнинг вазифасига гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ ва бошқа жиноятларда гумон қилинган шахсларни тутиш ҳам киради.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларининг маълумотларига кўра, 100 кишидан иборат янги тузилма махсус вазифаларни бажарувчи батальон таркибига киради ва Skoda Octavia автомобиллари билан таъминланади.

Кўпроқ янгиликлар