Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб ўрта махсус таълим муассасаларида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ташаббуси билан “Шахсий бизнесни бошлаш учун очиқ эшиклар куни” уюштирилмоқда. Ўй бизнесини бошламоқчи бўлган касб-хунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини қўллаб-қўвватлашга қаратилган мазкур тадбирга тижорат банклари, туман ҳокимиятлари, солиқ инспекциялари ва маҳалла қўмиталаридан вакиллар ҳам жалб қилинмоқда.

Ҳар бир коллежда турли майда ускуналар ва маиший техника намуналари билан безатилган стендлар ташкил этилмоқда. Мазкур стендларда кичик нонвойхона, тикув цехи, фотосалон, тамаддихона, кафе, гўзаллик салони, автомобил ювиш шахобчаси, қурилиш ва таъмирлаш корхоналарини ташкил этишда керак бўладиган техника ва анжомлар мавжуд. Буларнинг бари янги бизнес бошлаб учун керак бўладиган анжомларни битирувчилар шу ернинг ўзида харид қилишлари учун қилинмоқда.

Янада батафсилроқ сўз юритадиган бўлсак, битирувчи ўзига яхши таниш ва қадрдон бўлган таълим муассасасига паспорт, диплом ва албатта, пухта ўйлаган бизнес ғояси билан келиб, қисқа фурсатда ўз бизнесини рўйхатдан ўтказиши, меҳнат дафтарчаси, солиқ тўловчи идентификация рақами (ИНН), жамғарилиб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисоб рақами (ИНПС) га эга бўлиши ва энг муҳими, тижорат банкларидан атиги 3 дан 9% гача бўлган уч йиллик кредитни ҳам қўлга киритиши мумкин.

Тасдиқланган режага кўра “Шахсий бизнес бошлаш учун очиқ эшиклар куни” Қорақалпоғистон Республикасида қуйидаги саналарда ўтказилади:

20 август – Кораўзяк ва Тахтакўпир туманларида;
21 август – Хўжайли ва Қонликўл туманларида;
22 август – Шуманой ва Қўнғирот туманларида;
24 август – Нукус шаҳри ва Мўйноқ туманида;

Очиқ эшиклар кунлари соат 9:00 дан 17:00 га қадар давом этади.