Эркин, юнон-рим ва аёллар кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоалари бош мураббийлари шу йилнинг 7-12 сентябрь кунлари АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этадиган терма жамоалар таркибини эълон қилди.

Унга кўра океан ортига йўл оладиган терма жамоалар таркибидан 7 нафар юнон-рим курашчилари, 5 нафар эркин курашчилар ҳамда 2 нафар хотин-қизлар кураши вакиллари ўрин эгаллашган.

Мазкур жаҳон чемпионати 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмалар ўйналадиган дастлабки мусобақа ҳисобланади.

2013 йили киритилган янги қоидаларга кўра эркин кураш бўйича -57, -65, -74, -86, -97 ва -125 кг. вазн тоифаларида, юнон-рим кураши бўйича -59, -66, -75, -85, -98, -130 кг. вазн тоифасида ва ниҳоят аёллар кураши -48, -53, -58, -63, -69, -75 кг. вазнда Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари ўйналади. Ҳар бир вазн тоифасида 1-6 ўринларни эгаллаган спортчилар келаси йили Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишади.

Олимпиада ўйинлари йўлланмасига эга бўла олмаган спортчилар қитъавий турнирларда (1-2 ўрин эгаллари) ҳамда дунё саралаш турнирида (дастлабкиси 2016 йилнинг апрель ойида Улан-Батор шаҳрида, иккинчи турнир эса 2016 йилнинг май ойида Истанбул шаҳрида ўтказилади) эга бўлишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, қитъавий чемпионатларда Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари ўйналмайди.

Қуйида, жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган терма жамоалар таркиби берилган:

Юнон-рим кураши: Элмурат Тасмурадов (-59 кг), Александр Лохов (-66 кг), Нурбек Холмуҳамматов (-71 кг), Нурбек Хошимбеков (-75 кг), Бесики Солдадзе (-80 кг), Рустам Ассакалов (-85 кг), Жаҳонгир Турдиев (-98 кг). Мураббийлар: Камил Фаткуллин, Рустам Қудратов.

Эркин кураш: Маҳмуджон Шавкатов (-57 кг), Ихтиёр Наврузов (-65 кг), Бекзод Абдураҳманов (-70 кг), Рашид Қурбонов (-74 кг), Умиджон Исманов (-86 кг). Мураббийлар: Александр Недорезов, Убайдулла Тоиров.

Аёллар кураши: Даулетбике Яхшимуратова (-48 кг), Зуҳра Мустанова (-53 кг). Мураббий: Ахмет Кагарманов.

Жаҳон чемпионати ҳакамлари таркибидан Константин Михайлов ва Тоҳир Ғуломов каби ўзбекистонликлар ҳам ўрин эгаллашган. Делегация шифокори – Елена Абаева ҳисобланади.