Россия президенти Владимир Путин Севастополда машҳур АҚШлик боксчи Рой Жонс билан суҳбати чоғида унга Россия фуқаролигини беришга ваъда қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.
“Мен сиз билан танишганимдан хурсандман, билингки, мен спортни ва албатта яккакураш, боксни яхши кўраман”, деб айтди Путин.
Ўз навбатида Жонс ёшлигида дзюдо билан шуғулланмоқчи бўлганини айтиб ўтди.
“Бироқ сиз боксда ўзингизни намоён қила олдингиз. Шундай бўлдики, менимча бошқа ҳеч кимда бундай бўлмаган. Сиз ўрта, иккинчи ўрта, ярим оғир ва оғир вазнларда жаҳон чемпиони бўлгансиз. Менимча, дунёда бундай бошқа атлет бўлмаса керак”, деб жавоб берди Путин.
Путин, шунингдек, Жонсга 14 ёшида бокс билан шуғулланишни бошлаганини маълум қилди. Путин боксчи Россияда тадбиркорлик фаолиятида муваффақиятларга эриша олишига умид билдирди.
“Мен шунинг учун ҳам келдим. Агар менда Россия паспорти бўлса, мен бу ерга-ортга юришим осон бўлган бўлар эди, чунки бу ерда спортни яхши кўришади ва шунинг учун мен бу ерни яхши кўраман”, деб айтди Жонс.
Бунга жавобан Путин Ройни Россияда ҳамма билишини таъкидлаб ўтди.
“Агар сиз ҳаётингизнинг катта қисмини Россиядаги фаолиятингиз билан боғламоқчи бўлсангиз, унда биз сизнинг паспорт олиш бўйича таклифингизни мамнуният билан бажарамиз”, деб хулоса қилди Путин.
Боксчи ўз навбатида спорт Россия ва АҚШ ўртасида кўприк қуришга ёрдам бериши фикрини айтиб ўтди.