2015 йилнинг 18 август куни «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Қашқадарё вилояти филиали томонидан «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида «Ташувчининг фуқаролик мажбуриятини мажбурий суғурта қилиш» мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда мажбурий суғурта билан шуғулланиш ҳуқуқига эга компаниялар, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган корхоналар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фуқаролар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар қабул қилинган янги ҳужжатнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳақида йиғилганларга маълумот беришди. Хусусан, ташувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш 1993 йилда қабул қилинган «Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий давлат суғуртаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан амалга оширилиб келинган. Янги қонун эса замон талаблари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ташувчининг хизматларидан фойдаланиш чоғида йўловчига етказилган зарар қопланишини тўлиқ таъминлайди.

Шунингдек, давра суҳбати давомида муҳокамаларда қайд этилдики, ушбу Қонунда ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилувчи субъектлар кўрсатиб ўтилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Улар Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги каби транспорт соҳасидаги давлат органларидир. Қолаверса, ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ваколатга эга бўлган бошқа давлат органлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

«Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, ҳуқуқий ҳужжат кучга кириши янги иш ўринлари яратилиши, суғурта бозори ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига тақдим этилаётган хизматлар сифатини оширишга кенг имкон яратади.

Интерактив тарзда ташкил этилган давра суҳбати якунида фуқаролар ва журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб беришди.