Россия федерал миграция хизмати мамлакат ҳудудида чет элликлар вақтинчалик яшаш ва ишлаш учун рухсатнома олишига балл тўплаб эришишни таклиф қилмоқда. Лойиҳага кўра, 100 баллдан 66 балл тўплаган муҳожирларгагина Россия ҳудудида қолиш ҳуқуқи берилиши керак.
Қарор лойиҳаси матни ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш ҳақидаги ахборот порталига муҳокама учун жойлаштирилди.

“Лойиҳада критерийлар, ҳар бир кўрсаткич бўйича тўпланадиган баллар миқдори ўрнатилади. Мамлакат ҳудудида қолиш учун имтиҳон қилинувчи 100 баллдан камида 66 балл тўплаши керак”, – дейилади матнда.
Ҳужжатда ўрганиб чиқиладиган 8 асосий критерий кўрсатилган. Булар сирасига ёш, таълим, рус тилини билиш, меҳнат стажи, Россияда яқин қариндошларнинг ва уйнинг борлиги шулар жумласидандир.

Бу критерийларга кўра максимал баллни рус тилини жуда яхши билувчи, илмий унвонга эга, Россияда таълим олган, беш йилдан ортиқ ишлаган, Россияда яқин қариндошлари бор 21-45 ёшдаги инсон олиши мумкин.