Швециядаги дорихона тармоқларидан бири мамлакатдаги ирқий қарама-қаршиликни юмшатишга ҳаракат қилиб кўрмоқчи. Оч рангдаги пластирлар қора танлилар учун мос келмаслиги ҳақидаги шахсий мурожаатлар сабаб компания турли рангдаги пластирларни ишлаб чиқаришга қарор қилди, дея хабар беради RT.

Бу ерда ҳеч қандай ирқий камситишлар йўқ: АҚШда анчадан буён турли рангдаги пластирлар ишлаб чиқарилади. Бироқ швед компанияси ташаббуси қўшни Дания интернет-жамоатчилиги орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Twitter фойдаланувчилари «Пластирьгейт» (АҚШдаги машҳур Уотергейт ишига ўхшатма) ҳештеги орқали кўплаб твитларни қолдиришган. Айримлар аскарлар ва баданига татиуровка туширганлар учун ҳам махсус пластирь ишлаб чиқариш кераклигини айтиб киноя қилган бўлса, бошқа бирлари компанияни сепкилларига мос шундай маҳсулот чиқаришга чақирган.

Муҳокамаларга Дания ташқи ишлар вазири ҳам аралашиб, Швецияда яшамаётганидан хурсанд эканини изҳор қилган; бироқ кейинроқ гаплари ҳазил эканини айтган.

Можарога муносабат билдирар экан, “Менимча, пластирь ранги қора танлиларни таҳқирлайди, деган гапнинг ўзида ирқий камситиш мавжуд. Бу ерда қора танлилар жабрдийда сифатида тилга олинади”, – дейди даниялик телебошловчи Йонас Кристенсен.