Тошкент шаҳридаги City Makon савдо-кўнгилочар маркази аукцион савдоларга қўйилади. 92 минг квадрат метр майдонни эгаллаган мажмуанинг қиймати 14,75 миллиард сўмга баҳоланди, дея хабар бермоқда Uztag “Биржа” газетаси маълумотига таянган ҳолда.

Нашр маълумотига кўра, савдоларда иштирок этиш учун инвестор объект бошланғич баҳосининг энг камида 10 фоизини олдиндан тўлаши лозим. Тадбиркорларга аукционда иштирок этиш учун таклифнома Чилонзор туман суд ижрочилари бўлими томонидан тақдим этилди.

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мазкур объект уларнинг рўйхатида турмаганини айтиб, бўлғуси савдолар юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

City Makon савдо-кўнгилочар маркази 2012 йил 1 сентябрдан фаолиятини бошлаган. Комплекс болалар учун таълим-тарбия маркази, савдо мажмуаси, спорт майдонлари ва овқатланиш шохобчаларидан иборат. Шунингдек, унда 3D кинотеатрлар ва ёзги томоша майдончаси ҳам мавжуд. Марказ 2013 йил ноябрь ойида номаълум сабабга кўра ёпиб қўйилган эди.