Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳридаги учта — Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманлараро судлари яқин орада «E-SUD» тизими орқали мурожаатларни электрон шаклда қабул қилишни бошлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди бўлим бошлиғи Бахтиёр Умаровнинг сўзларига кўра, эндиликда томонлар судга бузилган ҳуқуқларини қайта тиклаш бўйича нафақат ёзма, балки электрон шаклда ҳам ўз аризаларини юборишлари, уларга тақдим этилувчи ҳужжатлар нусхасини қабул қилиб олишлари ҳам мумкин.

«Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасида ҳамкорлик» лойиҳаси миллий координатори Холмўмин Ёдгоровнинг қайд этишича, мазкур тизим 2014 йилда фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида муваффақиятли тарзда синовдан ўтган.

Ўтган давр ичида электрон шаклда келиб тушган 23 минг аризанинг 20 мингдан зиёди кўриб чиқилиб, улар юзасидан суд қарорлари қабул қилинган, 772,94 млн сўм миқдоридаги қарздорлик ундирилган эди.

«E-SUD» — информацион миллий электрон суд тизими бўлиб, маҳаллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган ҳамда МДҲ ҳудудида ўхшаши мавжуд эмас, деб ёзади UzReport нашри.