Нигериянинг шимоли-шарқидаги Йобе штатида жойлашган Кукува-Гари қишлоғига ўтган ҳафтада "Боко Ҳарам" жангарилари томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 160 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий жамоатчилик берган маълумотларга асосланиб, ТАСС нашри хабар қилган.

Маълум қилинишича, қишлоқни жангарилар эгаллагач, қочмоқчи бўлган аҳолининг аксар қисми дарёда чўкиб кетган. Бу воқеа ўтган ҳафтада содир бўлган, ОАВлар эса бундан 18 август кунигина хабар топган.

Гувоҳларнинг қайд этишича, Кукува-Гари шаҳрига босқин уюштирилиши, кейинги ойлар ичида "Боко Ҳарам" томонидан амалга оширилган энг йирик хунрезлик бўлди.

Ҳозирча Нигерия ҳукумати бу ҳужумга расмий муносабат билдирмаган.